Сўнгги йилларда савдо марказлари ва супермаркетларда учраётган айрим “лотерея” таклифлари орқали фуқароларни алдов йўли билан пулга тушириш ҳолатлари кўпаймоқда. Бундай фирибгарлик усули, одатда, бегуноҳ ва бепул ўйин кўринишида намоён бўлади.
Шундай ҳолатлардан бири Хитойнинг Пекин шаҳри супермаркетларидан бирида содир бўлган. Харидор керакли маҳсулотларини олиб, кассада ҳисоб-китоб қилганидан сўнг, кассир унга қайтим билан бирга бир неча дона кичик картон қоғозчаларни бериб, бу “бепул лотерея” эканини айтади. Унинг айтишича, лотереяда қатнашиш текин, ҳеч қандай пул талаб қилинмайди ва “омадингиз келса, ютасиз”.

Шундан сўнг харидор супермаркетнинг бир бурчагига таклиф қилинади ва у ерда қириб очиладиган лотерея чиптаси тақдим этилади. Чипта ўчирилгандан кейин сотувчи ходим “You are lucky”, яъни “Сиз омадлисиз” деб эълон қилади. Улар харидорга гўёки ютуқ сифатида олтин тақинчоқларни кўрсатиб, “70 фоиз чегирма билан истаганингизни олишингиз мумкин” дейишади.
Харидор эҳтиёткорлик билан “Агар ютган бўлсам, нега пул тўлашим керак?” деб сўрайди. Аммо унга бу ютуқ пул эмас, фақат катта чегирма экани, шу чегирма орқали товарни сотиб олиши мумкинлиги айтилади. Атрофдаги одамлар ва ходимлар шошириш, психологик босим ўтказиш орқали “бундай имконият бошқа бўлмайди”, “ҳозир олмасангиз, кейин кеч бўлади” каби гапларни қўллашади.
Натижада харидор тақинчоқларни 50 АҚШ доллари атрофидаги суммага сотиб олади. Унга бу маҳсулотнинг аслида қиймати анча юқори экани, “катта чегирма” қилингани айтилади. Кейин эса харидорни лотерея чиптаси билан расмга туширишади, гўёки бу “ҳисобот учун” керак экан. Аммо харидор ходимнинг ўзини расмга олмоқчи бўлганида, у юзини яширади.
Харидор мехмонхонага қайтиб келгач, рецепшнга мурожаат қилади. У ерда эса бу “лотерея”да аслида ҳеч қандай ютуқ бўлмагани, тақинчоқ эса ўзининг оддий нархига сотилгани маълум бўлади. Яъни, харидор “омад” ва “чегирма” ниқоби остида алдов қурбонига айланган бўлади.
Бундай фирибгарликка учрамаслик учун:
• “Бепул лотерея” ва “100% ютуқ” деган гапларга ишонманг.
• Агар ютган бўлсангиз, нега пул тўлаш талаб қилинаётганини ўйлаб кўринг.
• Шошириш, босим ўтказиш ва ҳис-туйғулар орқали қарор қабул қилдириш — фирибгарларнинг асосий усули.
• Расмий ҳужжат, чек ва аниқ маълумот бўлмаган тақдирда харид қилманг.
• Шубҳали ҳолатларда дарҳол маъмурият ёки тегишли идораларга мурожаат қилинг.
Хулоса қилиб айтганда, баъзан “омад” деб кўринган нарса аслида яхши ўйлаб чиқилган фирибгарлик бўлиши мумкин. Ҳар қандай таклифга ҳушёрлик билан ёндашиш — ўзингизни ва молиявий манфаатларингизни ҳимоя қилишнинг энг тўғри йўлидир.
Реал воқеага асосланган.

